Ижтимоий тармоқлар орқали “Тошкент шаҳрида жойлашган Бунёдкор стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Қирғизистон футбол ўйинини томоша қилиш учун чипта харид қилган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва стадионнинг назорат қилувчи ходимлари томонидан киритилмаганлиги” ҳақида фуқаролардан мурожаатлар қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур танқидий материаллар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Ўрганишларда футбол ўйинига “Iticket.uz” палатформаси орқали чипта харид қилган фуқаролар стадионга кира олишмагани, шунингдик чиптада давлат тилида маълумотлар берилмаганлиги, аксинча инглиз тилида эканлиги қайд этилганлиги маълум бўлди.
Мазкур мурожаатлар Қўмита томонидан “ITICKET INGURUZ” МЧЖ ва Ўзбекистон Футбол ассоциациясини жалб қилинган ҳолда ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида мурожаатчи фуқаролардан М.А. ва Н.Ж.ларга чипта учун сарфлаган 75 000 сўм ва 400 000 сўм маблағлар “ITICKET INGURUZ” МЧЖ томонидан тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Қўмитага тақдим этилган маълумотларга қараганда мазкур МЧЖ томонидан бугунги кунга қадар чипта харид қилиб стадионга кира олмаган фуқароларга 23 млн. сўмдан ошиқ маблағлар қайтарилган.
Шунингдек, футбол ўйини учун сотувга чиқарилган чипталарда давлат тилида маълумотлар мавжуд эмаслиги юзасидн Қўмита томонидан “ITICKET INGURUZ” МЧЖнинг масъуллари билан муҳокамалар олиб борилган. Жамиятнинг маълум қилишича, Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ва Осиё футбол конфедерацияси (AFC) томонидан ташкил қилинадиган халқаро мусобақалар доирасида ўтказиладиган футбол учрашувлари учун сотувга чиқариладиган чипталар – AFC томонидан тасдиқланган намуна асосида чипталар инглиз тилида чоп этилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида, агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартнома ёки битимда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилиши белгиланган
Ҳурматли фуқаролар, жорий йилнинг 20 март куни бўлиб ўтган футбол ўйини учун чипта харид қилиб стадионга кира олмаганлар чипта учун сарфлаган маблағларни қайтариб олиш мақсадида, “ITICKET INGURUZ” МЧЖга ёки Рақобат қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, харид қилинган чипталар жамиятнинг маълумотлар базасидан ўз тасдиғини топган тақдирда, чипта учун сарфланган пул маблағлари ўз эгаларига қайтарилади.