Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, жамиятда ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда республикамиз сиёсий партияларидаги хотин-қизларнинг улуши 47 фоизга, олий таълимда 48 фоизга, тадбиркорлик фаолиятида эса 37 фоизга етган. Раҳбарлик лавозимларда ишлаётган аёллар улуши 33 фоизни ташкил этади. 2 мингга яқин давлат ва жамоат ташкилотларига аёллар раҳбарлик қилмоқда. Бу рақамлар давлат ривожида, ижтимоий-сиёсий ҳаётда хотин-қизларнинг роли ва мавқеи ортиб бораётганидан далолат беради.
Аёл киши раҳбар бўлгач унинг ташқи қиёфаси ҳам, ўзини тутиши ҳам ўзгаради. Чунки энди у жамият орасида оддий аёл эмас, балки раҳбар аёл сифатида гавдаланади. Ташқи кўриниш, имиж борасида жиддий ва тўғри танлов қабул қилишимиз, ўз навбатида, раҳбар аёлларнинг фаолиятида муҳим рол ўйнайди. Шунинг учун, атрофдагиларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлиш учун имиж устида алоҳида ишлаш керак.
Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг “Иқтисодиёт” факультети “Иқтисодий хавфсизлик” кафедраси талаба қизлари билан “Раҳбар аёл имижини яратиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Рақобат қўмитаси раис маслаҳатчиси Гўзал Қодирова ва университет профессор-ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда бўлажак лидер ва раҳбар аёлларга бу борадаги муҳим таклиф ва тавсиялар берилди.