Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомига мувофиқ, Монополияга қарши курашиш органи доимий равишда биржа нархлари мониторингини ўтказиб бориши белгиланган.
Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан биржа савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари бузилишлари юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, “QARSHI AGROKLASTER” МЧЖ пахта тўқимачилик кластери томонидан 8 ҳолатда пахта толаси маҳсулотни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилганлиги аниқланди.
Шунингдек, ушбу маҳсулотни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда нархларини юқори қўллаш натижасида жами 517 млн сўмга яқин миқдорда тафовут (фарқ) ҳолатлари маълум бўлди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “QARSHI AGROKLASTER” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.