Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Ташриф арафасида ўтказилган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, Ҳудудлараро форум ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши натижалари мамнуният билан қайд этилди. Бунгача етакчи олийгоҳлар ректорлари ва тиббиёт муассасалари раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистон Президенти журналистлар эътиборини кейинги йилларда Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлигида рўй берган сифатли ўзгаришларга қаратди. Барча даражалардаги мулоқотлар фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳажми, кооперация лойиҳалари сони ошгани, маданий-гуманитар алмашинув ва тўғридан-тўғри авиақатновлар қайта тиклангани қайд этилди.
Етакчилар музокаралар атрофлича бўлгани, Ўзбекистон-Беларусь муносабатларининг кенг доираси батафсил муҳокама қилингани, кўп қиррали шерикликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, мақсад ва вазифалари белгилаб олинганини маълум қилдилар.
Минтақавий ва халқаро ташкилотлар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ доирасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланди.
Товар айирбошлашни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар унинг ҳажмини яқин йилларда 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифасини қўйдилар.
Шу мақсадда қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш ва савдони қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий қилишга келишиб олинди.
Саноат кооперациясининг устувор соҳалари белгилаб олинди. Булар – агросаноат мажмуи, электротехника ва тўқимачилик тармоқлари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, шаҳарсозлик ва коммунал хўжалиги.
Ҳудудлараро алоқалар салоҳияти ва имкониятларини самарали ишга солишга алоҳида эътибор қаратилди.
Маданият ва санъат, олий ва профессионал таълим, туризм, ёшлар ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади. Соғлиқни сақлаш борасидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.
Томонлар навбатдаги тиббиёт, таълим ва туризм форумларини ташкил этишга келишиб олдилар.
Эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, кўп қиррали шерикликни аниқ амалий мазмун билан бойитишига ишонч билдирилди.