Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимги Хиванинг Ичан-қалъа мажмуаси тарихий обидалари ва Нуриллабой саройини зиёрат қилди.
“Очиқ осмон остидаги музей” сифатида танилган Хива яхлит ёдгорлик сифатида Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳардир. Бу ерда 120 дан ортиқ меъморий обидалар жойлашган.
1990 йилда Хива шаҳри ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган, 1997 йилда унинг 2500 йиллиги нишонланган. 2020 йилда шаҳар Туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилинди, 2024 йилда эса ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлди.
Нуриллабой саройи XX аср бошларида бунёд этилган. Мажмуа мадраса, 100 дан ортиқ хоналар, галереялардан иборат. Сарой хоналарини безашда нафақат хивалик моҳир усталар, балки чет эллик рассом-декораторлар ҳам иштирок этганлар, улар саройнинг шарқона қиёфасига Европанинг модерн услубини сингдирганлар. Хоналарнинг ички кўриниш, каминлари, Венеция ойналари ва тилла суви югуртирилган бронзадан ишланган, биллур илгакли қандиллари билан ажралиб туради.
Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар қозоғистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.