“O‘ZMEDIMPEKS” ДМга НИСБАТАН ТЕГИШЛИ ТАЪСИР ЧОРАСИ ҚЎЛЛАНИЛДИ
Рақобат қўмитаси томонидан “O‘ZMEDIMPEKS” ДМ (ҳозирги номи “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Харидлар маркази” ДМ) томонидан “Камера ва ёруғлик фильтрлари билан лаборатория тадқиқоти ўтказиш учун тиббий микроскоплар” харид қилиш учун ўтказилган бошланғич нархи 12,1 млрд сўмлик тендер бўйича ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганиш давомида, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК (Марказ) томонидан тақдим қилинган маълумотга асосан тендер ҳужжатлари бўйича Марказ томонидан берилган хулосадаги эътироз ва кўрсатмалар қисман инобатга олинганлиги, тиббий микроскопларнинг техник кўрсаткичлари қўшимча қабул қилинадиган диапазон ёки чегара параметрлари билан тўлдирилмасдан аниқ параметр ва талаблар белгиланганлиги сабабли, ушбу харид ҳужжатида “Olympus Corporation” (Япония) ишлаб чиқарувчининг товарига боғланганлик белгилари мавжудлиги аниқланди.
Юқоридагиларга асосан, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилиш аломатлари билан “O‘ZMEDIMPEKS” ДМ (ҳозирги номи “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Харидлар маркази” ДМ) га нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан тендер савдоларини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилди.
Маълумот ўрнида. Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.