Истеъмолчилар харид қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотга эга бўлиши шарт. Шу мақсадда, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда республика бўйича маҳсулотларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганди.
📊 Таҳлил натижалари:
Умумий 298 та маҳсулот текширилиб, улардан 143 таси сут маҳсулотлари (қаймоқ, сметана, кефир, йогурт, творог), 30 таси музқаймоқ, 70 таси гўшт маҳсулотлари (сосиска ва колбаса), 55 таси нон ва булочка маҳсулотларидир.
Текширувлар давомида қатор қонунбузарликлар аниқланди:
🔺 53,7% маҳсулотларда – техник регламент ва стандартлар кўрсатилмаган;
🔺 26,0% маҳсулотларда – ишлаб чиқарилган сана ёзилмаган;
🔺 11,8% маҳсулотларда – амал қилиш муддати кўрсатилмаган;
🔺 11,1% маҳсулотларда – сақлаш шартлари тўғрисида маълумот йўқ;
🔺 3,7% маҳсулотларда – ишлаб чиқарувчи номи ва манзили кўрсатилмаган.
🔺 0,7% маҳсулотларда – маҳсулотнинг савдо номи кўрсатилмаган.
Мисол учун:
🥛Сут маҳсулотлари:
– “PURE MILKY WORKS” XK (Самарқанд) ишлаб чиқараётган сут ва сут маҳсулотларида техник регламент ва партия рақами кўрсатилмаган.
– “KAMALAK MILK” ОК (Фарғона) томонидан ишлаб чиқарилган “Raduga” сметанасида техник регламент ва партия рақами кўрсатилмаган.
🥩 Гўшт маҳсулотлари (колбаса ва сосиска):
– “BAXT” ХК (Самарқанд) ишлаб чиқараётган колбасаларда ишлаб чиқариш санаси ва сақлаш муддати ҳамда маҳсулотга қўшилган товуқ терисининг миқдори ва ўлчами йирикроқ ёзилмаганлиги аниқланган.
– “LAZZAT” XK (Тошкент) томонидан ишлаб чиқарилган “Raduga”, “Egerskie” ва “Sutli Extra” сосиска маҳсулотлари қадоғида ишлаб чиқариш санаси, сақлаш муддати ва ишлаб чиқарилган партияси кўрсатилмаган.
– “SHAFFOF” (Бухоро) томонидан ишлаб чиқарилган “Shaffof” номли колбаса маҳсулотлари қадоғида ишлаб чиқариш санаси, сақлаш муддати ва маҳсулот қадоғида ишлаб чиқарилган маҳсулот партияси кўрсатилмаганлиги аниқланган.
🍦Музқаймоқлар:
– “AGRO BRAVO” МЧЖ (Самарқанд) ва “KHOREZM HOLOD” ХК (Хоразм) ишлаб чиқараётган музқаймоқларда техник регламент ва партия рақами кўрсатилмаган.
🍞 Нон ва булочка маҳсулотлари:
– “MUSHTARIY DISCOTTI” ХК (Сирдарё) ишлаб чиқараётган “Bulochka” ва “Baton” маҳсулотларида техник регламент ва партия рақами мавжуд эмаслиги аниқланди.
✅ Рақобат қўмитаси томонидан маҳсулотларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқарувчиларга ва ваколатли органларга 177 та расмий хат юборилди. Ҳозирда 46 та ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича жавоб тақдим этди, қолган ҳолатлар бўйича иш олиб борилмоқда.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бу каби текширувлар доимий равишда олиб борилади. Харидорлар аниқ ва ишончли маълумотга эга бўлиши учун маҳсулотларнинг қонуний талабларга жавоб беришини таъминлаш ишлаб чиқарувчиларнинг бурчидир. Қўмита бу масалада назоратни кучайтириб, зарур ҳуқуқий чораларни кўришда давом этади.