2026 йил 2–3 июль кунлари Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг монополияга қарши қонунчилик бузилишларини қўшма текшириш бўйича Штабнинг 46-йиғилиши ҳамда Монополияга қарши сиёсат бўйича Давлатлараро кенгашнинг юбилей 60-йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбирларда Ҳамдўстлик давлатларининг рақобат соҳасидаги ваколатли органлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси делегациясига Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Карабаев раҳбарлик қилди.
3 июль куни Монополияга қарши сиёсат бўйича Давлатлараро кенгашнинг 60-йиғилиши доирасида Фаррух Карабаев «МДҲга аъзо давлатларда жорий даврда монополияга қарши сиёсат соҳасида рўй берган энг муҳим воқеалар тўғрисида»ги масала юзасидан маъруза қилди. Унда Ўзбекистонда рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳамда рақамли иқтисодиёт шароитида рақобат сиёсатини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари тақдим этилди.
Маърузада мамлакатимизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини босқичма-босқич қисқартириш, рақобат муҳитини янада ривожлантириш, товар бозорларини либераллаштириш, давлат харидлари тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Шунингдек, рақобат сиёсатининг замонавий механизмлари, жумладан рақамли мониторинг тизимлари, монополияга қарши комплаенс институти ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик ижросини таъминлашнинг янги ёндашувлари ҳақида маълумот берилди.
Йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистоннинг рақамли платформаларни монополияга қарши тартибга солиш соҳасидаги илғор тажрибаси ҳам тақдим этилди. Хусусан, рақамли платформаларнинг устун мавқеини аниқлаш мезонлари, устун музокара кучи институтини қўллаш амалиёти, йирик платформаларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш ҳамда рақамли бозорларни тартибга солишни янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида сўз юритилди.
Шу билан бирга, Қўмита фаолиятига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, хусусан давлат харидлари ва биржа савдоларини мониторинг қилиш, рақобатга қарши келишувларни аниқлаш, рақамли платформаларнинг ҳуқуқий ҳужжатларини таҳлил қилиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнларини автоматлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Шунингдек, маърузада 2026–2030 йилларга мўлжалланган рақобат муҳитини ривожлантириш стратегиясининг устувор йўналишлари ҳам баён қилиниб, унда тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий юкламани қисқартириш, бозорларга киришдаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш, давлат монополияларини босқичма-босқич қисқартириш, камситмаслик тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда рақобат соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш назарда тутилгани қайд этилди.
Юбилей йиғилиш доирасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Карабаев халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва МДҲ давлатлари монополияга қарши органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Монополияга қарши сиёсат бўйича Давлатлараро кенгашнинг Фахрий нишони билан тақдирланди.
Тадбирлар якунида иштирокчилар рақобат сиёсатининг долзарб йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар, ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича тажриба ўртоқлашдилар ҳамда рақобат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.








