Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига мувофиқ, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим. Кафолат муддати товар истеъмолчига сотилган ёки хизмат кўрсатилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар товар сотилган кунни аниқлашнинг имкони бўлмаса, бу муддат товар ишлаб чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт.
13-моддасига мувофиқ, кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой этиб белгиланган.
Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.
Агар товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган бўлса, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган ва ушбу сотувчидан сотиб олганлигини тасдиқловчи асослар бўлса, истеъмолчининг товарни алмаштириш ёхуд қайтариб олиш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиши лозим.
Агар тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтариш товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, худди шундай шаклда амалга оширилади.
Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади.
(Маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан Чакана савдо қидаларинг 1-иловаси Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатининг 11-бандига кўра, Кафолат муддатлари белгиланган техник жиҳатдан мураккаб маиший товарлар (металл қирқувчи ва ёғочга ишлов берувчи маиший дастгоҳлар; маиший электр машиналари ва маиший электр приборлари; маиший радиоэлектрон аппарат; маиший ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси; фото ва киноаппаратлар; телефон аппаратлари ва факсимиль аппарати; электр мусиқа асбоблари; электрон ўйинчоқлар).