Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 462-сон қарори билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур низом билан “барчага ёки ҳечкимга” тамойили жорий этилиб, унга кўра давлат ёрдамини ажратишда бир хил шароит ва мезонларга эга бўлган, товар ва молия бозорида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларга давлат ёрдами алоҳида тартибда танлаб берилмасдан, тенг равишда тақдим этилиши ёки умуман тақдим этилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, низом билан давлат ёрдами қуйидаги мақсадларни амалга ошириш учун берилиши белгилаб қўйилди:
➡️ республика ҳудудлари ёки алоҳида тармоқларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини ошириш;
➡️ амалга оширилаётган лойиҳаларнинг инновацион хусусиятга эга бўлишини таъминлаш;
➡️ фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
➡️ илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш;
➡️ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва республикада экологик ҳолатни яхшилаш;
➡️ кичик ва ўрта бизнес вакилларини ёки хотин-қиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.








