Биржа савдолари ўрганилди ва чоралар кўрилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан доимий равишда биржа нархлари мониторингини ўтказиб борилади.
Қўмита томонидан ўтган йили 165 та ҳолатда биржа савдоларига оид қонунчилик талаблари бузилганлиги бўйича 156 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан иш қўзғатилди. Жумладан, 55 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархлар сунъий оширилиши билан боғлиқ манипуляция ҳаракатлари содир этилганлиги, натижада 77,7 млрд сўмлик маблағ асоссиз олинганлиги аниқланган. Ўз навбатида уларга ушбу маблағларни қайтариш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.
Шунингдек, 94 та хўжалик юритувчи субъектга “Рақобат тўғрисида” ги қонунга асосан молиявий жарималар қўлланилган. Жумладан, Тошкент вилоятида фаолият юритаётган “БЕКОБОДСЕМЕНТ” АЖ юқори ликвидли ва монополь турдаги цемент маҳсулотини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан тўғри шартномалар орқали сотган.
Оқибатда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиб, асоссиз даромад олинган. «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖ томонидан ҳам манипуляция ҳаракатлари амалга оширилиб, асоссиз даромад олингани маълум бўлган. Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “ГТЛ ГАЗ” МЧЖ ҳам манипуляция ҳолатларини содир этиб, асоссиз даромадга эгалик қилгани кузатилган. Юқоридагилар инобатга олиниб, ушбу хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди.