Қўмитанинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Самарқанд вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали бўйича улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда ҳисобланган тўловлар ва қўлланилган тарифларнинг асослиги юзасидан ўрганиш ўтказилган.
Ўрганиш ва таҳлил ўтказилганда айрим улгуржи истеъмолчилар томонидан 2018 йил ноябр ойи учун истеъмол қилинган табиий газ миқдори (ҳажми) учун олдиндан тўлов (аванс) амалга оширилган бўлса-да, ушбу улгуржи истеъмолчиларга 2018 йил 16 ноябрдан кучга кирган нарх (тариф) бўйича ҳисобланганлиги натижасида 3737 та улгуржи истеъмолчиларга жами
11 698,8 млн сўм ортиқча тўловлар ҳисобланганлиги аниқланган.
Ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг вилоят ҳудудий филиалига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 239-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 36-банди 1-хатбошида кўрсатилган қонунбузарлик ҳолатини тугатиш ҳамда унинг оқибатида ортиқча олинган 11 698,8 млн сўмлик маблағларни истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида кўрсатма берилган.
Лекин, Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан мазкур кўрсатма ижроси таъминланмаган.
Ҳудудий бошқарма томонидан иқтисодий судга
“Ҳудудгазтаъминот” АЖга нисбатан тегишли даъво аризаси киритилган бўлиб, жорий йилнинг 19 январида қабул қилинган Ҳал қилув қарорига асосан жавобгарга нисбатан, истеъмолчилардан ортиқча олинган маблағларни улар билан қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбурияти юклатилди ва бунинг натижасида табиий монополия субъекти истеъмолчиси бўлган жами 3737 та тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.