СИФАТ ТАЛАБЛАРИГА ЖАВОБ БЕРМАГАН 73 НОМДАГИ МАҲСУЛОТ АНИҚЛАНИБ, ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ
Рақобат қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталарида сотилаётган халқ истеъмол товарларининг сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида назорат хариди тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида маҳсулотлар аккредитациядан ўтган лабораторияларда текширилиб, уларнинг давлат стандартлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги баҳоланмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йилнинг ўтган саккиз ойида 60 турдаги 558 номдаги маҳсулот лаборатория экспертизасидан ўтказилди.
Натижада 73 номдаги маҳсулот норматив-техник талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Мазкур маҳсулотларни савдо расталаридан қайтариб олиш ҳамда қонунчиликка мувофиқ чора кўриш учун тегишли материаллар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига юборилди.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида назорат хариди тадбирларини давом эттиради.








