Навоий вилоятининг Хатирчи тумани ҳокимлигида Рақобат қўмитаси раҳбарияти томонидан Қўмита ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлар маркази ва German Sparkassenstiftung for International Cooperation ташкилоти (Германия) билан ҳамкорликда ўқув-семинар ташкил этилди.
Президентнинг 2026 йил 11 сентябрдаги ПФ–193-сонли Фармони ижросини таъминлаш доирасида ўтказилган мазкур тадбирда қўмита мутасаддилари, тегишли ташкилотлар ва тижорат банклари вакиллари ҳамда ҳоким ёрдамчилари иштирок этдилар.
Тадбирни қўмита раиси ўринбосари У.Давлатов кириш сўзи билан очди. У семинарнинг айнан Хатирчи туманида ўтказилаётгани бежиз эмаслигини, туман вилоятда камбағаллик ва ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудлардан бири эканини алоҳида қайд этди. Шу боис ҳудудда кам харажат талаб этадиган кичик лойиҳаларни амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва туманни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Семинарга “Uzum Market” МЧЖ ХК вакилларининг жалб этилгани ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Корхона электрон савдо орқали кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Онлайн савдо катта сармоя талаб этмайди ва туман аҳолисига ўз маҳсулотини кенг бозорга чиқариб, барқарор даромад топиш имконини беради. Тадбирда корхона вакили онлайн савдо орқали товарларни сотиш, савдо жараёнларини бошқариш ва сотувчилар билан ишлаш бўйича тақдимот ўтказди. Шунингдек, франшиза асосида буюртмаларни топшириш пунктларини ташкил этиш, уларнинг даромадлилиги ва жой танлаш мезонлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, семинарда German Sparkassenstiftung for International Cooperation ташкилоти эксперти Лия Граубергер “Муваффақиятли лойиҳа бошқаруви: йўл харитасидан ҳаётий лойиҳага қадар — режалаштириш, лойиҳани асослаш ва тегишли молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш” мавзусида тақдимот қилди.
Қўмита ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлар маркази директори О.Жумаев ўз чиқишида ҳудудларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан келиб чиқиб янги лойиҳаларни шакллантириш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш муҳимлигини қайд этди.
Семинар иштирокчиларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.








