Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Xushnudbek.uz телеграм каналида эълон қилинган “Nega Yandex.Go (Taxi) O‘zbekistonda ro‘yxatdan o‘tmagan? Nega boshqa taksi agregatorlari kabi teng soliq to‘lamaydi?” сарлавҳали мақоласи юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитаси томонидан “Yandex” компанияси мамлакатимизда юридик шахсни ташкил этмаганлиги масаласи ўз ваколатларига кирмаслиги аммо, ушбу масалада ваколатли давлат органларининг келишилган изчил ҳаракатларига эҳтиёж мавжудлиги маълум қилинган эди (02.03.2023 йил).
Шу билан бирга шуни маълум қиламизки, тенг рақобатни таъминлаш нуқтаи назаридан хўжалик юритувчи субъектларнинг Ўзбекистон ҳудудида солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмаганлиги, уларнинг бозордаги устун мавқеини аниқлашга таъсир этмайди.
Шунингдек, жорий йилнинг 4 октябридан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 3 июлдаги 850-сонли “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 18-моддасига мувофиқ, рақамли платформаларга бозорда ўз устун мавқени ва устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлаш юзасидан ҳам муайян чекловлар киритилган.
Таъкидлаш жоизки, биз жамиятдаги бу каби долзарб муаммоларни олиб чиқиб адолатли ёндашаётган Huquqshunos Xushnudbek Xudoyberdiyev фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз ва бу каби кечиктириб бўлмайдиган масалалар Қўмитанинг доимий назоратида эканлигини маълум қиламиз.
Ахборот хизмати томонидан олдин хабар берилганидек, рақамли бозорларда бирор-бир соҳани таҳлилини ўтказиш ва унинг механизмларини белгилаш маълум бир муддатларни тақозо этади. Қўмита бу борада ўтган вақт давомида ҳам тегишли изчил ишларни амалга оширди. Ҳозирда ушбу соҳадаги тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этиш жараёнида.
Жумладан, Қўмита томонидан рақамли платформаларга нисбатан устун мавқени суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик ва уни назорат қилишнинг аниқ механизмларини назарда тутувчи “Рақамли платформа операторининг устун мавқеи ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда вазирлик ва идоралар билан келишув жараёнида.
Бугунги кунда, рақамли платформа бўлган агрегаторлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар бозорининг таҳлилий ишлари якунланди ва яқин кунларда унинг натижалари эълон қилинади.