МУЛОҲАЗА
Ялтираган ҳар нарса олтин ёки зар эмас…
…65 ёшли Муҳаббат ая анчадан бери қандли диабет билан курашади. Кунларнинг биридау “Фитодиабетак” (Fitodiabetic) маҳсулоти рекламасини кўриб қолди. Машҳурсанъаткорлар “қоним таркибидаги шакар 17 эди, 8 га тушди”, дея ишонтирарди.“Шундай машҳур санъаткор ёлғон гапирмаса керак”, деб ўйлаган ая шифокор буюрган дориларни бир четга суриб, бор пулига ушбу биологик фаол қўшимча (БФҚ)ни сотиб олди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас, қондаги шакар миқдори кескин кўтарилиб кетди…
Бу тўқилган воқеа эмас, балки юзлаб ватандошларимиз бошидан кечираётган аччиқ
ҳақиқат. Бугун таниқли актёрлар, хонандалар ва блогерларнинг турли БФҚлар, даволовчи чойлар ёки шифобахш маҳсулотлар рекламасида “нажоткор” қиёфасида намоён бўлиши одатий ҳолга айланди. Хўш, бу ҳолат қонунчиликка қанчалик тўғри келади?
— Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунида БФҚлар рекламасига жуда қатъий талаблар қўйилган, — дейди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъул ходими Фарҳод Сулаймонов. — Бироқ, кўпчилик ўйлаганидек, таниқли инсонларнинг рекламада чиқиши тақиқланмаган. Қонун машҳурларнинг шахсини эмас, балки улар реклама давомида айтадиган гаплари ва усулларини чеклайди.
БФҚларни дори воситаси, деб кўрсатиш ёки улар даволаш хусусиятига эга (шифобахш) деган таассурот уйғотиш, инсонларнинг касалликдан тузалгани, аҳволи яхшилангани ҳақидаги мурожаатлари ёки тавсияларини киритиш, рекламада маҳсулотнинг “дорилардан устунлиги” ҳақида фикр билдириш, “Рек лама қилинаётган маҳсулот дори воситаси эмас”, деган мажбурий огоҳлантириш матнини қолдирмаслик тақиқланади.
Ҳа, қонунда шундай ёзилган. Лекин машҳурлариштирокидаги реклама роликларини кузатсангиз, у ерда ўзгача манзарани кўриш мумкин. Тавсия этувчилар “Шакарим фалон эди, пистонга тушди, шуни ичиб юрибман”, мазмунида гапиради. Қонунга кўра, БФҚлар рекламасида “аниқ шахсларнинг соғайиб кетгани ҳақидаги тавсиялари”ни ишлатиш мумкин эмас. Афсуски, аксарият инсонлар бу талабни ҳам бузишмоқда.
Реклама берувчиларга одамларнинг БФҚ ва дори воситасини ажрата олмаслиги ҳам қўл келяпти. Машҳур инсон маҳсулотни мақтаганда, уни жиддий шифобахш дори сифатида қабул қилмоқда. Роликларда “қон босимимни туширди”, “қанд миқдоримни меъёрлаштирди”, каби тиббий жумлалар ишлатилиши тўғридан-тўғри дори, деган маънони келтириб чиқаряпти. Ваҳоланки, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, истеъмолчи маҳсулот ҳақида тўғри ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга. Агар бўрттирилиб кўрсатилса ёки чалғитилса, бу ёлғон (нотўғри) реклама ҳисобланади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бундай ҳолатларни назоратга олиб, қонунбузар тадбиркорларга ва рек лама агентликларига нисбатан таъсир чоралари қўлламоқда. Бироқ жарима миқдори рекламадан келадиган даромад олдида жуда кичик бўлгани учун сохта тадбиркорлар машҳурларни пул билан жалб қилишда давом этяпти. Шундай экан, бу каби алдовларга қарши курашишда янги усуллардан фойдаланиш, ҳатто, фаолиятини тугатишгача жазо чораларини қўллаш керак.








