МУАММО ВА ЕЧИМ
Мижоз кредит тўловини ортиғи билан тўласа ҳам, фоиз ҳисобланиши тўғрими?
Сиз банкдан кредит олгансиз. Ҳар ой шартномадаги маблағга қўшимча пул тўлайсиз. Аммо негадир асосий қарз камаймайди. Бугун кўплаб мижозлар мана шундай муаммо билан юзма-юз келишмоқда. Айрим банкларда кредит бўйича ойлик тўловдан ортиқча тўланган маблағлар асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмасдан, транзит ҳисобварақларда сақланиб қолмоқда.
Умида МАНСУРОВА,
журналист.
Бунинг оқибатида асосий қарз камаймай, унга фоиз ҳисобланиши давом этмоқда.
— Айрим банкларнинг кредит шартномаларида ортиқча тўловни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти аниқ белгиланган, — дейди Рақобатни ривожлантириш ва истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъул ходими Жасур ХАЛИЛОВ. — Бироқ, амалда ушбу талаб бажарилмаётгани, банк мобил иловаларида кредит тўловлари билан боғлиқ жараёнларни бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги маълум бўлмоқда. Ваҳоланки, ортиқча тўланган маблағнинг асосий қарзга йўналтирилмаслиги ва унга фоиз ҳисобланишининг давом этиши “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабларига зид ҳисобланади. Шунингдек, банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид низомга кўра, ойлик тўловдан ортиқ келиб тушган маблағ, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши ва кредит суммаси қайта ҳисобланиши лозим. Банк дастурий таъминотидаги носозликлар эса истеъмолчи мажбуриятларининг ортишига олиб келмаслиги керак. Шу боис Марказий банкка кредит тўловлари бўйича ҳисоб-китоб тартибини истеъмолчилар фойдасига қайта кўриб чиқиш юзасидан таклиф юбордик.
Хўш, бу муаммога ечим борми? Албатта, бор. Бунинг учун жорий амалиёт ва хорижий тажриба асосида банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид низомнинг ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш тартибини белгиловчи 37-банди талабларини истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриш, кредит ҳисоб-китоблари, жумладан, муддатидан олдин тўлаш шартларини бевосита “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиш лозим.








