ҚЎМИТА ҚАРОРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ СУД ТОМОНИДАН ЯНА БИР БОР ТАСДИҚЛАНДИ
Рақобат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали фаолиятида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
Ўрганиш давомида товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш, шунингдек, кўрсатилмаган ёки бепул кўрсатилиши лозим бўлган хизматлар учун ҳақ ҳисоблаш ҳолатлари аниқланди.
Бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектларига ортиқча ҳисобланган жами 547 938 880 сўм миқдоридаги маблағларни қайтариш ва тегишли суммаларни чегириш юзасидан кўрсатма берилди.
Жумладан:
➡️“Бухоро озиқ-овқат” МЧЖ — 434 400 000 сўм;
➡️“ЯТТ А. Насиров” — 10 623 600 сўм;
➡️“Ситораи Моҳи Хоса” санаторийси МЧЖ — 72 963 280 сўм;
➡️“Махмуд Абдулло Қурувчи” МЧЖ — 29 952 000 сўм.
Натижада жами 547,9 млн сўм миқдоридаги ортиқча ҳисобланган маблағлар “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва тегишли суммалар чегирилиши таъминланди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарма қарори устидан кассация ва тафтиш шикоятлари берган. Суд жараёнида келтирилган важлар батафсил кўриб чиқилиб, бошқарма қарорининг қонунийлиги ва асослилиги суднинг тегишли ҳужжатлари билан тасдиқланди.








