ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТОМОНИДАН КЕЛИБ ТУШАЁТГАН МУРОЖААТЛАР ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА
Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига савдо, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларида келиб тушаётган истеъмолчилар мурожаатлари ўрганилиб, ўзининг ижобий ечимини топмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида:
Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро А.А. янги олган автомашинасининг монитори кўп ўтмай ишдан чиққанини маълум қилган. Унинг «Нукус автосавдо» МЧЖга қилган мурожаати эътиборсиз қолдирилган. Ўрганишлар натижасида носоз мониторнинг бепул янгисига алмаштирилиши таъминланди.
Андижон вилояти
Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Э.Х. Самарқанд — Андижон йўналиши бўйича харид қилинган йўловчи поезд чипталари бекор қилинганига қарамай, улар учун тўланган маблағлар қайтарилмаётганидан норози бўлиб, бошқармадан амалий ёрдам сўраган. Кўрилган чоралар натижасида маблағ фуқаронинг банк картасига қайтарилди.
Бухоро вилояти
Фуқаро А.Ё. «Бухороавтотеххизмат» МЧЖдан сотиб олган «Damas» автомашинасидаги нуқсонларни бартараф этишни сўраб, МЧЖга бир неча бор қилган мурожаатлари самара бермаган. Ҳудудий бошқарма аралашуви билан автомашинадаги нуқсонлар бартараф этилди.
Жиззах вилояти
Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро О.О. «Chery» автосалонига «Chery Tiggo 7 Life» автомашинасини сотиб олиш учун тўлов қилган. Автосалон машинани 10 кунда етказиб беришни ваъда қилган, бироқ орадан анча вақт ўтса ҳам автомашина етказиб берилмаган. Ҳудудий бошқарма аралашуви билан фуқарога автомашина қисқа фурсатда етказиб берилди.
Наманган вилояти
Фуқаро М.С. хонадонига ўрнатилган қуёш панели ва инвертор кафолат муддатида носоз бўлиб қолганини маълум қилган. Бошқарма вакиллари томонидан «AZIZBEK ENERGY» МЧЖ масъулларига қонунчилик талаблари тушунтирилгач, носоз қурилма 6 млн сўмлик янги инверторга алмаштириб берилди.
Тошкент вилояти
Фуқаро Ш.Д. «Idea» савдо дўконидан музлаткич харид қилган. Сервис уни носоз деб топган бўлса-да, дўкон товарни алмаштириб бермаган ёки пулини ҳам қайтармаган. Ўрганиш натижасида сотувчи ва харидор ўртасида тузилган шартнома бекор қилиниб, «IDEA CONCEPT GROUP» томонидан 5 млн 129 минг сўм маблағ харидорга тўлиқ қайтарилди.
Қўмита томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.








