Москвада рақамли даврда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб йўналишлари кўриб чиқилди
Москва шаҳрида рақамли муҳитда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган биринчи халқаро конференция ўтказилди. Унда 23 та давлат ва 4 та халқаро ташкилотнинг 400 га яқин вакили, жумладан, Рақобат қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги долзарб йўналишлар юзасидан фикр алмашди.
Конференцияда бозорларни рақамлаштириш шароитида истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, онлайн муҳитдаги инсофсиз амалиётларнинг олдини олиш ҳамда электрон савдо соҳасида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, конференция доирасида МДҲга аъзо давлатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Маслаҳат кенгашининг 21-мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси вакиллари иштирок этди.
Унда онлайн харидлар хавфсизлиги, электрон савдода истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шахсий маълумотлар ва нақдсиз тўловлар хавфсизлиги, масофавий савдо соҳасидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда низоларни ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.








