Рақобат қўмитаси таълим хизматлари соҳасида мурожаатларнинг қарийб 96 фоизи нодавлат таълим хизматларига тўғри келиб, уларнинг сони ортиб бораётганлиги сабабли соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифларини ваколатли органларга юборди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда хизматлар бозорида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш доирасида нодавлат таълим хизматлари соҳасидаги мавжуд ҳолатни таҳлил қилди.
Сўнгги уч йил давомида Қўмитага келиб тушган 103,5 мингта мурожаатнинг 2 070 таси таълим хизматларига оид бўлиб, уларнинг қарийб 96 фоизи нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ. Мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 1 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки:
➡️ фуқаролар асосан, таълим сифати талаб даражасида эмаслиги;
➡️ кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши;
➡️ шартнома шартлари ва пулни қайтариш тартиби ҳақида етарли маълумот берилмаслиги;
➡️ муддатли тўлов шартномаларини бекор қилишдаги муаммолар;
➡️ рекламада ваъда қилинган хизматларнинг амалда бажарилмаслиги каби ҳолатлардан норози бўлмоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ таълим сифати устидан давлат назорати амалга оширилади. Бироқ нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш жараёнини тартибга солувчи аниқ механизмлар ҳамда пуллик таълим хизматларини кўрсатишнинг ягона қоидалари мавжуд эмаслиги айрим ҳолларда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда.
Қўмита томонидан хорижий тажриба ҳам ўрганилди. Хусусан, Францияда Qualiopi, Нидерландияда NRTO, Швейцарияда эса EduQua тизимлари орқали хусусий таълим хизматлари сифатини аудитдан ўтказиш ва сертификатлаш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, улар хизматлар сифати, шаффофлик ва истеъмолчилар манфаатларини таъминлашда муҳим восита сифатида қўлланилмоқда.
Мазкур таҳлиллар асосида нодавлат таълим хизматлари бозорини янада такомиллаштириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини кучлироқ ҳимоя қилиш мақсадида қуйидаги таклифлар илгари сурилмоқда:
⏺️ нодавлат таълим хизматлари учун ихтиёрий сертификатлаш тизимини жорий этиш;
⏺️ Нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пуллик таълим хизматларини кўрсатиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
⏺️ таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг истеъмолчилар билан муносабатларига қўйиладиган минимал талабларни белгилаш.
Ушбу таклифларнинг амалга оширилиши таълим хизматлари сифатини ошириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, хизматлар бозорида ҳалол рақобатни ривожлантириш ҳамда соҳада ягона ва шаффоф тартибларни шакллантиришга хизмат қилади.
Рақобат қўмитаси мазкур ташаббусларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини ваколатли давлат органига юборди ҳамда ушбу жараёнлардаги муаммоларни бартараф этиш борасида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қиламиз.








