Ижтимоий тармоқ орқали “Чуст туманидаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида “HNK Media” компанияси ходимлари томонидан таълим бошқарув органларининг рухсатисиз мактаб ўқувчиларига дарс вақтида компанияни тарғибот қилиш билан шуғулланилгани” мазмунида хабар ёритилган эди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишларда ушбу тадбир тумандаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида эмас, балки 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўтказилганлиги маълум бўлди.
Хусусан, 2024 йил 11 сентябрь куни соат 11.00ларда мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси (ҳозирда туғуруқ таътилида бўлган) Гулноза Сайфиддинова илм маскани директори Жобирхон Тожиевга шахсий маблағи ҳисобидан яхши ўқиётган ўқувчиларга совға бермоқчи эканлигини билдирган. Аммо совға “HNK Media” компанияси томонидан ажратилганлиги ҳақида айтмаган. Мактаб директорининг рухсати билан ўқитувчи дафтар, рангли қалам, болалар китобидан иборат махсус халтадаги 15 дона совғани 2-А, 2-Б, 3-А, 3-Б, 4-А-синфларга тарқатган.
Ўрганишлар давомида муассаса раҳбарлари томонидан Г.Сайфиддинова билан ўқувчилар ўртасида компания ҳақида оғзаки суҳбат бўлмаганлиги, фақат совға бериб, ўқишга омад тилаб чиқиб кетилганлиги билдирилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 32-моддасига кўра, ички рекламани давлат органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мактабгача таълим ташкилотларининг, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг биноларига жойлаштириш тақиқланади.
Ўрганиш натижасида Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан мактаб раҳбарларига нисбатан таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган тадбир ташкил этганлиги учун интизомий чора кўриш белгиланди, вилоятдаги барча таълим муассасалари директорларига яна бир бор таълим жараёни билан боглиқ бўлмаган, мактаб иш режасида кўрсатилмаган тадбир ва учрашувларни ўтказмаслик юзасидан тегишли топшириқлар берилди.