Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро уй-жой масаласига боғлиқ муаммо яъни харид қилган уйига 5 йилдан буён кадастр ҳужжатлари тақдим этилмаётгани юзасидан мурожаат қилган.
Қўмита томонидан мазкур мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўрганилганда фуқаро “GRAND KAPITAL” МЧЖ қурилиш компанияси билан 2019 йил 18 июлда ўзаро кўчмас мулк олди-сотди шартномаси тузгани, аммо харид қилган хонадони учун кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилмагани маълум бўлди. Бу билан МЧЖ шартнома шартларидаги ўз мажбуриятларини бажармай келган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг қуйидаги ҳуқуқлари белгилаб берилган:
Ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Ўрганишлар натижасида беш йилдан буён давом этаётган муаммо қисқа муддатда ўз ечимини топди. “GRAND KAPITAL” МЧЖ томонидан уйнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, фуқарога топширилиши таъминланди.