Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 694-сонли қарори билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур низомга асосан “ex-ante” ва “ex-post” усулларида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасининг рақобатга таъсири баҳоланиши, шунингдек рақобат учун салбий деб баҳоланадиган ҳолатлар аниқ белгиланди.
Вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликларнинг қарорларини рақобатга таъсири баҳолаб борилади
Вазирликлар, қўмиталар ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган хужжатлар ракобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ўрганишдан ўтказилади.
Қабул қилинган ҳужжатларда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари аниқланганда Рақобат қўмитаси белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси рақобатга таъсири салбий деб баҳоланиши бўйича янги ҳолатлар белгиланди
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси рақобатга таъсири қуйидаги оқибатларнинг бирига олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлганда унинг таъсири рақобат учун салбий деб баҳоланади:
- етказиб берувчиларнинг янги технологиялар, маҳсулотлар ёки бизнес моделларини амалиётга жорий этишни чекласа, жумладан:
- инновациялар асосий хусусият бўлган бозорларда инновацияларни жорий этишни чекласа ёхуд уларни жорий этишга бўлган қизиқишни пасайтирса;
- янги технологияларни қўллашни чекласа ёки етказиб берувчиларни бизнес моделлардан фойдаланишларига тўсқинлик қилса;
- инновацияларнинг истиқболини чекласа.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ давлат органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар қабул қилган ҳужжатлар рақобатга таъсири баҳоланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шунингдек вазирликлар, қўмиталар ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар “ex-post” усулида рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлигини баҳолаш жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига, жамоатчилик назорати субъектларининг таклиф ва тавсияларига, оммавий ахборот воситалари орқали ўрганилган ёки чоп этилган бошка материалларни урганиб чикиш натижаларидан келиб чикиб амалга оширилиши белгиланди.