2024 йил 10 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев бошчилигидаги делегация Германия Федератив Республикасининг Бонн шаҳрига ташриф буюрди.
Ташрифнинг биринчи ярми
Ташриф доирасида делегация Sparkassenstiftung für internationale Kooperation – Германия молиявий муассасаларининг халқаро ҳамкорлик фондининг бош директор ўринбосари, Николь Бранд хоним ҳамда Германия Федерал молиявий назорат органи вакиллари билан учрашди.
Музокараларда томонлар молиявий бозорларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат сиёсатини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар. Хусусан, молиявий бозорларда истеъмолчилар учун шароитларни яхшилаш ҳамда бу соҳадаги назорат механизмларининг шаффофлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташрифнинг иккинчи ярми
Куннинг иккинчи ярмида Германиянинг Федерал антикартел идораси президенти Андреас Мундт билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида жаноб Мундт идоранинг фаолияти билан таништирди, картелларни аниқлаш ва трансчегаравий иқтисодий концентрация бўйича келишувларни назорат қилиш тажрибаси билан бўлишди. Шунингдек, икки мамлакат идоралари ўртасида Халқаро антимонопол тармоқ доирасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда рақобат соҳасидаги қонунбузилишлар бўйича назорат механизмларини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Рақобат қўмитаси ходимларининг малакасини ошириш дастурларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, делегация Германиянинг халқаро бозорлардаги рақобатга зид ҳаракатларини олдини олиш бўйича тажрибасини ўрганди.
Шунингдек, жаноб Мундт 1898 йилда барпо этилган Федерал антикартел идорасининг тарихий биноси билан таништирди. Мазкур бино архитектура жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, Германиянинг собиқ пойтахти сифатида танилган Бонн шаҳрининг муҳим маданий мероси ҳисобланади.