Рақобат соҳасига оид асосий тушунчалар ва атамалар ҳамда уларнинг қисқача изоҳи
инсофсиз рақобат — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлари;
иқтисодий концентрация — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устунлигига олиб келадиган, товар ёки молия бозорида рақобатнинг ҳолатига таъсир кўрсатадиган битимлар тузиш ва (ёки) бошқа ҳаракатларни бажариш;
комплаенс – “Compliance” сўзи инглизча сўз бўлиб, “мувофиқлик”, “риоя” маъноларини англатади;
молия бозори — банклар, кредит, суғурта ва бошқа молия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматнинг, шунингдек қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари хизматларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ёки унинг бир қисмидаги муомаласи доираси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишига мос келмаслиги мумкин ва мазкур муомала доираси чегараларида бундай хизматларни кўрсатиш имконияти мавжуд бўлади;
рақобат — хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) мусобақалашуви бўлиб, бунда уларнинг мустақил ҳаракатлари улардан ҳар бирининг товар ёки молия бозоридаги товар муомаласининг умумий шарт-шароитларига бир томонлама тартибда таъсир кўрсатиш имкониятини истисно этади ёки чеклайди;
рақамли платформа — рақамли маҳсулотлардан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳақ эвазига ёки бепул фойдаланилишини таъминловчи ахборот тизими;
табиий монополия — товар бозорининг ҳолати бўлиб, унда технологик ўзига хос хусусиятлар туфайли товарларнинг муайян турига бўлган талабни қаноатлантиришнинг рақобатли шароитларини яратиш мумкин эмас ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмайди;
табиий монополия субъекти — табиий монополия шароитларида товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи;
товар — фаолиятнинг олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан ишлар ва хизматлар;
товар бозори — товарнинг, шу жумладан бир-бирининг ўрнини босадиган товарнинг (ўзининг белгиланган мақсади, қўлланилиши, сифати ва техник хусусиятлари, нархи ҳамда бошқа кўрсаткичлари бўйича таққосланиши мумкин бўлган, истеъмолчи алмаштиришга тайёр бўлган товарнинг) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ёки унинг бир қисмидаги муомаласи доираси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишига мос келмаслиги мумкин ва мазкур муомала доираси чегараларида товарни олиш ёки реализация қилиш имконияти мавжуд бўлади;
хўжалик юритувчи субъект — товарларни ишлаб чиқариш, олиш ва реализация қилиш бўйича фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс, шу жумладан давлат иштирокидаги корхона ва хўжалик фаолияти билан шуғулланувчи муассаса, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс;
Монополияга қарши комплаенс – фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хатарларини аниқлаш ва мазкур хатарларнинг олдини олиш бўйича ички ташкилий тартиб-таомиллар тизими;
Устун мавқе – товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолат.
Манфаатлар тўқнашуви – шахсий манфаатларнинг корхона манфаатларига зид келаётган (реал манфаатлар тўқнашуви) ёки айрим ҳолларда зид келиши мумкин бўлган (потенциал манфаатлар тўқнашуви) вазият;
аксилреклама — нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни тугатиш мақсадида тарқатиладиган раддия;
ахлоқсиз реклама — шахсларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига дахлдор бўлган ҳақоратли сўзлар, тасвирлар ҳамда ўхшатишлардан, ҳақорат қилувчи тасвирлардан фойдаланиш орқали инсонийлик ва ахлоқнинг умумқабул қилинган нормаларини бузувчи, миллий ёки жаҳон маданий бойлигини ташкил этадиган санъат объектларига, тарихий ва архитектура ёдгорликларига тажовуз қилувчи, Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини (байроғини, гербини, мадҳиясини), миллий валютасини таҳқирловчи реклама;
ижтимоий ахборот — тарқатилиши бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олишни мақсад қилиб олмаган, номуайян шахслар доирасига йўналтирилган ҳамда хайрия ва соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ресурсларини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва унинг хавфсизлиги, маънавият ва маърифат, жамият ва давлат манфаатларини таъминлаш соҳаларида ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган ахборот, шунингдек нотижорат хусусиятидаги бошқа ахборот;
номақбул реклама — нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек ушбу Қонун талабларига мос келмайдиган бошқа реклама;
нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама — ноаниқлиги, бир хил маъноли бўлмаганлиги, бўрттириб юборилиши, яшириб кетилиши, тарқатилиш вақти, жойи ва усулига нисбатан талабларнинг ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларнинг бузилиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек жамият ҳамда давлат манфаатларига моддий зарар ва маънавий зиён етказиши мумкин бўлган реклама;
рағбатлантирувчи акция — рекламадан фойдаланувчиларни муайян ҳаракатларни бажаришга ундайдиган тадбир, танлов, ўйин ўтказиш шаклида амалга ошириладиган, шу жумладан уларда иштирок этиш шарти реклама қилинаётган товарларни олишдан иборат бўлган реклама;
реклама — ҳар қандай реклама воситаларидан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, мазмуни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган рекламадан фойдаланувчиларга қаратилган ва реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга бўлган қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек уни бозорда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот;
реклама берувчи — реклама қилинадиган товарни ишлаб чиқаришни ёки сотишни амалга оширувчи, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёхуд норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс ёхуд реклама объектини ва (ёки) реклама мазмунини белгилаб берган бошқа шахс, шу жумладан ҳомий;
реклама воситалари — рекламадан фойдаланувчига рекламани етказиш учун фойдаланиладиган воситалар;
реклама жойи (ташқи реклама ва ахборот объекти (конструкцияси) ўрнатиладиган жой) — ташқи реклама ва ахборот объекти (конструкцияси) ўрнатиладиган махсус ажратилган ва (ёки) берилган ҳудуд (ер, асфальт, яшил ҳудуд ва бошқалар), бино, иншоот сиртқи қисмининг муайян юзаси;
реклама жойининг паспорти — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бериладиган ҳужжат бўлиб, ушбу ҳужжат юридик ва жисмоний шахсларнинг ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) унда кўрсатилган ер участкасига, бинога ёки иншоотга, мулк шаклидан қатъи назар, ўрнатиш ҳуқуқини тасдиқлайди;
реклама жойи паспортининг эгаси — давлат мулки бўлган ер участкасига, бинога ёки иншоотга ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукцион асосида ёхуд хусусийлаштирилган ер участкаларига, шунингдек хусусий мулк бўлган биноларга ёки иншоотларга — хусусийлаштирилган ер участкасининг, бинонинг ёхуд иншоотнинг мулкдори билан тузилган шартнома асосида ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш ҳуқуқини олган юридик ёки жисмоний шахс;
реклама объекти — эътиборни жалб этиш учун реклама ўзига нисбатан йўналтирилган товар, шу жумладан тадбирлар, технологиялар, индивидуаллаштириш воситалари, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек жисмоний ёки юридик шахслар тўғрисидаги ахборот;
рекламага оид фаолият — рекламанинг айланиши соҳасида ишлар ҳамда хизматларни бажариш билан боғлиқ фаолият;
реклама тайёрловчи — рекламани тарқатиш (жойлаштириш) учун ахборотни тўлиқ ёхуд қисман тайёр шаклга келтиришни амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
реклама тарқатувчи — реклама воситалари орқали реклама тарқатишни амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
рекламадан фойдаланувчи — реклама ўзига нисбатан йўналтирилган шахс ёки шахслар гуруҳи;
ташқи реклама — номуайян шахслар доираси кўриши учун мўлжалланган, ташқи реклама ва ахборот объектларида (конструкцияларида) жойлаштириладиган графикли, матнли ёки бошқа реклама;
уйғунлаштирилган реклама — товарларнинг кино, аудио ва видео маҳсулотлардаги, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар эфиридаги, санъат асарларидаги, тасвирлардаги, компьютер ўйинларидаги ҳамда мавжуд товарга мувофиқ бўлган асосий ёки иккинчи даражали реквизит, товар белгисининг (хизмат кўрсатиш белгисининг) тасвири ёки у ҳақида ҳар қандай шаклдаги эслатма тарзида бошқа асарлардаги рекламаси;
яширин реклама — рекламадан фойдаланувчининг идрокига унинг ўзи англамаган ҳолда махсус видеоиловалардан (қўш овозли ёзувдан) фойдаланиш йўли билан ҳамда бошқа усуллар билан таъсир ўтказадиган реклама;
қиёсий реклама — рақобатчини ёки рақобатдош товарни бевосита ёки билвосита идентификацияловчи реклама;
ҳомийлик рекламаси — муайян шахсни мажбурий тарзда ҳомий сифатида эслатиб ўтиш шарти билан тарқатиладиган реклама;
касса чеки — товарнинг сотиб олинганлигини ёки иш (хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқлайдиган, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ва касса аппаратининг номери кўрсатилган ҳужжат;
товар чеки — товарнинг сотиб олинганлигини ёки иш (хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ҳамда сотувчининг номи ва жойлашган манзили ҳақидаги маълумот кўрсатилган ҳужжат.