Қуйидагилар Монополияга қарши курашиш қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

товар ва молия бозорларида рақобат муҳити ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқеини суистеъмол қилиши, «картель» келишувлари ва тил бириктириш, инсофсиз рақобатни аниқлаш ва уларга чек қўйиш;

савдолар, иқтисодий концентрация ва давлат кўмагини монополияга қарши тартибга солиш;

бозор иштирокчиларига юқори ликвидли, шу жумладан, табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган товарлардан (ишлар, хизматлардан) фойдаланишда тенг шарт-шароитларни таъминлаш;

қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш, давлат органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини ривожлантиришнинг ягона давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рақобатни ривожлантириш ва монополистик фаолиятни чеклаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

монополияга қарши курашишни тартибга солиш ва рақобатни ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, рақобатни ривожлантиришни чекловчи якка тартибдаги имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритади;

монополияга қарши курашишни тартибга солиш ва рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани тизимли ўрганиш ва жорий этишни амалга оширади;

вазирликлар ва идораларни жалб этган ҳолда товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини янада такомиллаштиришга қаратилган стратегик дастурлар, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

монополияга қарши курашишни тартибга солиш ва рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг монополияга қарши курашиш органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳар тарафлама ҳамкорликни ташкил қилади;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат органларининг реестрини юритади ва эълон қилади;

хўжалик юритувчи субъектларни инсофсиз рақобатчилардан ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузаётган давлат органларининг ноқонуний қарорларидан, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ўз ваколатлари доирасида ҳимоя қилади;

товар ёки молия бозорларида хўжалик юритувчи субъектларга тенг шарт-шароитларни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг давлат органлари ва устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилади;

б) товар ва молия бозорларида рақобат муҳити ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқени суиистеъмол қилиши, «картель» келишувлари ва тил бириктириш, инсофсиз рақобатни аниқлаш ва уларга чек қўйиш соҳасида:

товар ва молия бозорларида рақобат муҳитининг ҳолатини ўрганади ва хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини аниқлайди, шахслар гуруҳи иштирокчиларининг таркибини белгилайди;

устун мавқеини суистеъмол қилиш, «картел» келишувлари ва тил бириктиришларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш чораларини кўради;

«картель» келишувлар ва тил бириктиришлар каби рақобатга қарши ҳаракатларнинг мураккаб турларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш масалаларида ҳуқуқ-тартибот органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплеансни жорий этади;

устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ва табиий монополия субъектларининг товарларига (ишларига, хизматларига) харажатларни камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

юридик шахснинг индивидуаллаштирилган воситаларига ва товарни индивидуаллаштириш воситаларига ҳар қандай ҳуқуқни сотиб олиш билан боғлиқ инсофсиз рақобат ҳолатларини аниқлайди;

Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган хўжалик субъектлари ёки шахслар гуруҳи томонидан ишлаб чиқариладиган (кўрсатиладиган) товарлар (хизматлар) нархлари устидан мониторинг олиб боради;

товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда табиий монополия субъектларининг давлат реестрларини шакллантиради ва юритади;

в) савдолар, иқтисодий концентрация ва давлат кўмагини монополияга қарши тартибга солиш соҳасида;

танлов (тендер) ва биржа савдоларини ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назоратни амалга оширади;

шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, олдиндан розилик бериш орқали бозор концентрацияси устидан назоратни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектларга рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш борасида давлат кўмаги кўрсатилиши масалаларини кўриб чиқади;

товар-ҳомашё биржаларини лицензиялайди ҳамда улар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;

товар-ҳомашё биржаларининг лицензиялари реестрини юритади;

маҳсус ваколатли давлат органи билан биргаликда товар-ҳомашё биржалари аъзолари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг олиб боради ҳамда ушбу қоидаларга товар-ҳомашё биржалари томонидан риоя этилишини назорат қилади;

ўз ваколатлари доирасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

г) бозор иштирокчиларига юқори ликвидли, шу жумладан табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган товарлардан (ишлар, хизматлардан) фойдаланишда тенг шарт-шароитларни таъминлаш борасида:

юқори ликвидли монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш тўғрисида белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади;

юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар биржа савдоларига қўйилиши устидан белгиланган тартибда назоратни амалга оширади;

табиий монополия субъектларини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини такомиллаштиради;

табиий монополия субъектлари томонидан товарлар (хизматлар) реализация қилиниши тартибига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади ва мажбурий тарзда хизмат кўрсатиладиган истеъмолчилар рўйҳатини белгилаш бўйича таклифлар киритади;

рақобатга қарши ҳаракатларни ва тартибга солинадиган нархларнинг (тарифларнинг), шунингдек, Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳи томонидан ишлаб чиқариладиган (кўрсатиладиган) товарларга (хизматларга) монопол юқори ва монопол паст нархларнинг асоссиз ўсишини аниқлайди ва уларга чек қўяди;

товарларнинг (ишлар, хизматларнинг) тартибга солинадиган нархлари (тарифлари) ва устама нархларига риоя этилишини таҳлил ва назорат қилади;

д) қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш, давлат органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик соҳасида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан киритиладиган ва қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, бошқа ҳужжатларни уларнинг рақобат муҳитига таъсири юзасидан экспертизадан ўтказади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича таклифлар киритади;

рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари ва давлат органлари қарорларини бекор қилиш бўйича таклифлар киритади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш қўмитаси фаолиятининг
устувор йўналишлари

 

Қуйидагилар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади:

а) рақобатни таъминлаш, товар-хом ашё биржалари фаолиятини тартибга солиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мазкур соҳаларда қонунчиликка риоя этиш устидан назоратни амалга ошириш;

б) товар, молия ва рақамли бозорларда рақобат муҳитини таъминлаш, “картель” келишувлари ва тил бириктириш ҳолатлари, инсофсиз рақобат амалиётларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш;

в) монополияларга қарши курашиш, устун мавқега эга хўжалик субъектларининг, шу жумладан табиий монополия субъектларининг
ўз мавқеини суиистеъмол қилиши ва рақобатга қарши ҳаракатларига
чек қўйиш;

г) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳамда улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни
амалга оширишига йўл қўймаслик;

д) танлов (тендер) савдоларида, иқтисодий концентрация ва давлат кўмагини монополияга қарши тартибга солиш;

е) товар-хом ашё биржалари ва уларнинг аъзолари фаолиятини, шунингдек, товар деривативлари савдоларини тартибга солиш;

ж) асосий истеъмол, монопол ва юқори ликвидли товарлар нархларининг асоссиз оширилишига қарши чоралар кўриш;

з) соҳага оид комплекс дастурларни ишлаб чиқиш, рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама йўналишида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш;

и) рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳаларида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш
ва мустаҳкамлаш, халқаро шартномалар тайёрлаш, тузиш ва бажариш ҳақида таклифлар тақдим этиш.