Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, Монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5630-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилди ва унга тугатилаётган Давлат рақобат қўмитасининг штат бирликлари, шунингдек монополияга қарши курашишни тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, табиий монополия субъектлари фаолияти устидан назорат қилиш, товар хом-ашё биржаларини лицензиялаш бўйича вазифа, функция ва ваколатлари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4126-сон Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан қўмитанинг ташкилий тузилмаси ва марказий аппарат тузилмаси белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 402-сон Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси тўғрисидаги низом, қўмитанинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартиби, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарликлари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон Фармони қабул қилинди.  Давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали уларнинг тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.

Ушбу фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташкил этилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги вазифа ва функциялари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ўтказилди.