2022 йилнинг 10 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасида Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Рон ван Рооден бошчилигидаги делегацияси мамлакатимизга 7-15 ноябрь кунлари ташрифи доирасида Қўмита раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Рон ван Рооден Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни ҳамда рақобатни ривожлантириш юзасидан амалга оширалаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашув давомида, Халқаро валюта жамғармаси вакилларига Қўмита томонидан ишлаб чиқилиб, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Mажлис Қонунчилик палатасига киритилган янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, унга жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб киритилган янгиликлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, мазкур қонун лойиҳасига киритилган бозорлардаги устун мавқени белгилашнинг янги мезонлари, ахборот тизимлари, рақамли платформаларга нисбатан монополияга қарши талаблар, давлатнинг тадбиркорлик фаолиятидаги иштирокига доир талаблар, рақобат қонунчилигини бузганлик учун молиявий чораларга оид янгиликлар ҳақида айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, Халқаро валюта жамғармаси делегация аъзоларига Қўмита фаолиятини такомиллаштириш борасида ва янги ташкил этилган Истеъмол бозорларида нархларни мониторинг қилиш департаменти томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.