Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида фуқаролардан автомобиллар, уларни сифати, етказиб бериш муддатларининг кечикиши, эҳтиёт қисмларидаги носозликлар ва уларни кафолат муддатида таъмирлашда муаммолар юзага келгани бўйича 900 га яқин тушган мурожаатларини ижобий ҳал этди.
Навоий вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага автомобиль соҳасига оид келиб тушаётган ечимталаб мурожаатлардан бири Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.О.га тегишли бўлиб, унда етказилган автомашинанинг эҳтиёт қисмида мосламанинг мавжуд эмаслиги бўйича шикоят қилган.
Ўрганишлар жараёнида фуқаро 2024 йил август ойида 230 млн сўмга “BILLUR AVTO SAVDO NAVOIY” МЧЖдан “TRACKER-2” автомашинаси харид қилиш бўйича шартнома тузгани, аммо автомашинанинг бошқарув рулининг иситиш мосламаси йўқлиги маълум бўлди.
Амалга оширилган ишлар натижасида, фуқарога автосалон томонидан 535,4 минг сўм ортиқча олинган маблағ қайтариб берилиши таъминланди.
Хоразм вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Янгиариқ туманида яшовчи С.М.нинг ўз турмуш ўртоғи номига “AVTO-LAYNER XORAZM” МЧЖ билан шартнома бўйича “GENTRA” русумли автомобиль учун 146 млн сўм тўловни амалга оширганлиги, автомашина эса кечиктириб етказиб берилгани, аммо унга жамият томонидан бир йилдан буён компенсaция пуллари тўлаб берилмаётганлиги бўйича мурожаат қилган.
Ўрганиш давомида, ҳақиқатдан ҳам мурожаатларда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди яъни шартнома шартларида келтирилган муддатдан кечикиб етказиб берилгани маълум бўлди.
Олиб борилган тушунтиришлар натижасида, фуқарога “AVTO-LAYNER XORAZM” МЧЖ 850 000 сўм миқдоридаги компенсaция пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
Бухоро вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро Х.Ҳ.дан тушган мурожаат ўрганиб чиқилганида “BUXOROAVTOTEXXIZMAT” MЧЖдан “TRAСKER-2” русумли автомашинаси сотиб олингани, аммо автомашина ҳужжатларини расмийлаштирилганда хатоликка йўл қўйилгани, фуқаронинг корхонага қилган мурожаатлари ҳал этилмагани маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида ҳудудий бошқарма саъй-ҳаракати билан хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан “TRAСKER-2” русумли автомашинасига берилган ҳисоб-маълумотномасидаги вин рақами тузатиб берилиб, истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилди.