2024 йил I чораги давомида монополияга қарши комплаенсни жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида

ҲИСОБОТ

 

Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 9-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги
ПФ-6019-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
2 мартдаги 114-сон қарорига мувофиқ республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш белгиланган.

Амалга оширилган ишлар.

Бугунги кунга қадар жами 211 та шундан, 70 та табиий монополия субъектларида, 67 та товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда, 35 та маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, 19 та давлат бошқаруви органларида ҳамда 20 та давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилди.

Шундан жорий йилнинг I чораги давомида жами 15 та давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида тизим тўлиқ жорий этилди. Энергетика вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Спорт вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Транспорт назорати инспекциялари, шунингдек «Uzbekistan helicopters» МЧЖ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ, “Хоразм шакар” МЧЖ ҳамда “Алоқабанк” АТБлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, тизим жорий этилган жами 147 та давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 2024 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари” тақдим этилиб, Қўмита томонидан мониторинг олиб борилди.

Бундан ташқари, мазкур Фармонга мувофиқ Қўмитанинг 2023 йил
8 августдаги 111-ИЧ-сонли буйруғи билан “Биз сизни эшитамиз!” лойиҳаси доирасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан ўтказиладиган учрашувларнинг 2023-2024 йилларга мўлжалланган режа-жадвали тасдиқланди.

Бўлиб ўтадиган учрашувлар тўғрисида тадбиркорлик субъектларини барвақт хабардор қилиш, шунингдек, учрашувларда иштирок этиш юзасидан электрон мурожаат юбориш имкониятини яратиш мақсадида Қўмитанинг расмий веб-сайтида “Биз сизни эшитамиз” номли саҳифа яратилди ҳамда 2023-2024 йилларда ўтказиладиган учрашувларнинг режа-жадвали жойлаштирилди.

Режа-жадвалига мувофиқ жорий йилнинг 14 март куни Наманган вилоятида давлат харидлари соҳасида фаолият юритаётган 200 нафарга яқин бюджет ташкилотлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари билан очиқ мулоқот тарзида учрашув ташкил этилиб,  уларнинг муаммолари ўрганилди ва таклифлари тингланди.

Билдирилган муаммолар, таклиф ва ташаббуслардан келиб чиқиб, тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Ушбу ўтказилган учрашувлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиши таъминланди.